воскресенье, 1 июня 2014 г.

Қарта ўйин ҳақида



            Ассалом алекум. Биз томонларда “гап”да бўлганмисиз?  Бизда ҳамммаси жўнгина, жин урсин, синфдошларингиз йиғлган бештами-ўнта, хонада сигарет тутини буриқсиган, қўллар ҳар хил нарсалар билан банд; бирда ярим тўлатилган пиёлалар, бирда қарта, ҳатто сигарет ушлашга етмай қолади одамни қўли, лабларда бошқарилади сигарет ўмрови. Ҳамма биргина шовқин билан банд:
            – Кон кимда, кимники кон?
            – Қанча ўтаябсан?
            – Тушдингми?
Бу олатасирга ҳамма ўзича жавоб бериб ётибди, умумий шовқин-сурон қанчалик кучли бўлмасин, якдиллик бор. Ҳамма қартани ишқивози. Ва ҳамма шу доира ичидан четта эмас. Энг аламли томонлари чойхона паловлар шунчаки ўз навбатини кутиб, ёғи тарашадек қотиб тургани ўз йўлига, бир ойда бир марта кўраётган синфдошинг балан гаплашиш учун вақт етмайди, қарта қизиганидан қизиди, бир сафар ҳаммаси қизариб келса, биттаси гезариб қорайиб турган бўлади, бир сафар ҳаммаси қорайган маҳалда биттиси безрайиб қизариб турган бўлади. Ҳозиргина юришиб қолган “қўл”ни қочирмаслик учун барор ким билан гаплашиш нарироғда турсин хумрайиб (акс ҳолда, кимдир қўлингдагини сезиб қолиши мумкин) ҳуддики, беэътиборча ўйинни давом эттирасан. Умуман олганда давом этадиган бўлсам, кимдир ошни еб бўлиб кетиш учун фотиҳага қўл очгандагина қимирлайсан, ва умуман ўша кеч эрта тонга айланган бўлади-ю, ва уйғониб кимгадир яхши етволдингми деган мақсадда телефон қилсанг унинг биринчи саволи кимнинг қанча ютганлиги-ю, ўзининг қанча ютқазганлиги (ақлли одамлар ҳар доим ютади, лекин ҳеч қачон ютганлигини тан олмайди) ҳақида бўлади. Умумий манзара ҳудди шунақа (Истесно бор, агар сизда шунақа ҳолат бўлмаса бу фақат ва фақат сизнинг ютиғингиз). Биз томонларда, мен яшаётган қишлоқда, мен озгинча билган туман ҳудудида, озгинча вилоятнинг у ёки бу четида бўлган бўлсам кўрганим ўша жойларида, эҳтимолки Республиканинг ҳар турли жойларининг сиз яшаётган тупкаларида шунақа. Хўш бизда ноқонуний қиморвозлик авжида (асли авжи қайси нуқтада эканлиги билмайман, сабаби оддийгина, ўзим ўйнаган вазиятларда ютказдирган максимал суммам 20 мингни, ютган максимал суммам 23 мингни ташкил қилган, ва бу сиз учун қанчалиу кулгили бўлмасин, ўша қартани “азар”тини суммаларда ўлчамаганлигим, керак бўлса гугурт чўпидан ҳам ўйнашим мумкинлиги учунгина бу суммаларнинг тариқчалик аҳамият касб этмаслигини, ва энг муҳими, шунчаки ўйин эканлигини, бу ҳақда гапириш ўз навбатида балким алоҳида блогпост талаб этиши мумкинлигини эслатган ҳолда, сизни чалғимасликка чақираман, мен кейинчалик айтмоқчи бўлган гапларим эҳтимолки менинг шахсий рекордларимга умуман боғлиқ эмас). Ва фикримни давом эттираман, бу ёғига қартавозчиликнинг зарари ҳақида умуман гапирмасам ҳам бўлади. Чунки ҳаммамиз унинг реал зарарлари ҳақида биламиз; биринчидан чўнтакка зиён, иккинчидан, маҳалла-кўй учун яхши хулқ намунасидан эмас, учинчидан қартавозлик бошқа жиноятлар учун шунчаки калит вазифасини ҳам ўташи мумкинлиги аён. Умумман олганда бу саноқнинг охирини топиш мумкин эмас, айтиш мумкинки ҳамма разолат шунда мужассам. Хўш, бу муаммо мавжуд, ўша мавжуд муаммога қарши биз қандай курашябмиз? Гап вояга етмаганлар ҳақида эмас, гап айни биз, вояга етган, керак бўлса айтиш мумкинки, паспортга эга шахсларга нисбатан айтилаганда қандай курашябмиз? Мантиқан олиб қараганда қартавозчиликка қарши курашнинг қандай усуллари бор? Биринчидан, гап-гаштак бўладиган чойхоналарни вақтлироқ ёпиш, жазо учун жавобгарлик чораларни кучайтириш, ташвиқот-тарғибот ўтказиш ва ҳокозо. Умуман олганда қарши кураш чоралари бор, лекин қанчалик фойдали? Алоҳида тўхталишни ҳоҳламаябман, лекин ҳаммасини қарши таъсир реакциялари бор. Ҳаммасида бор.
            Балким бизга қонуний казиноларни очиш вақти келгандир? Балким шу йўл билан курашармиз? Қачонгача ноқонуний иш қиламиз-у, ҳамма бунга кўз юмиши керак? Қачонгача ўз пулимизни ютқазишимизни қонуний, жавобгарликдан ҳоли (ахир, мен ўз ҳоҳишим билан ютқазаманку) эмаслигидан иккиланишимиз (афсуски, бундан юмшоқроқ гап тополмадим) давом этиши, бутун дунё кўнгилчар ўйинлардан жарақлатиб давлат хазинасини тўлдираётган маҳалда биз бу реал фойда манбасидан юз ўгиришимиз керак. Барибир бу жараён давом этаётган экан, баски, уни қонунийлаштириш вақти келмадими? Бизга ҳам кўнгил очар ўйинларга тўла “Орзулар шаҳри” – Миллионли шаҳар керак эмасми? 

пятница, 30 мая 2014 г.

Карнегидан хафаман


           
          Кунларнинг бирида раҳбаримнинг Карнегини ўқиши ҳақида кутилмаган тарзда билиб қолдим. Кейинроқ маълум бўлишича Карнегининг муҳим масалалар юзасидан ёритган, гапириб ўтган, эслатма сифатида келтирган гаплари-ю иқтибосларини махсус ён дафтарга ёзиб борар экан. Мана шу ҳақиқатни билганимдан кейин раҳбаримга нисбатан қарашларим ўзгарди десангиз. Қилган ишларим учун эшитаётган мақтовдаям, қилмаган ишларим учун эшитаётган даккидаям, умуман олганда иш билан боғлиқ ҳар қандай масалада “Карнеги руҳи”ни қидиришга киришиб кетдим. Уни, ўша Кернеги руҳини энг тупканинг тагига яширинган бўлсаям қидириб кўрдим, уни чақнаб турган кўзлардан, уларнинг энг тубидан, чарақлаб турган табассумдан, им қоқишлар-у, бош силкитишлардан ҳам қидирдим. Шу кундан раҳбаримнинг самимийлигига ишончим буткул йўқолди.
            Кеча қизиқ суҳбат бўлиб қолди, Карнегичи дўстларимдан бири Карнегининг ҳаётий зарурати ҳақида берилиб гапирди, уни нақадар фойдалилигини, энг муҳими Карнеги бировнинг бурнини қонатиш ҳақида гапирмаганини айтди. “Биз ҳаммамиз ўзаро муносабатларимизни  Карнеги айтгандек қурсак канчалик яхши бўлишини биласанми?” – дейди. Афсуски, Карнеги соддадил ўзбегимни аллақачонлар пичоқсиз сўйиб бўлди. Энди ҳаммамиз бир-биримизга ялтоқланишимиз, ўз фойдамиз йўлида, ўз манфаатимиз йўлида тусимизни ўзгартиришимиз, ўзимизни ниқоблашимиз, аслиятимизни, фақатгина, биргина ўзимизгагина хос бўлган харектеримизни умумбашарий харектер сифатида сифатлашимиз қолди, жаноблар. Карнеги қанчалик тўғри йўлги кўрсатиб берган бўлмасин, уни амалга ошириб бўлмайдиган жойлар, муҳит ҳақида ҳеч ўйлаб кўрган-кўрмаганлиги менга қоронғу, шуниси оппа-ойдинки ўзбекнинг самимияти энг муҳимидир.

среда, 28 мая 2014 г.

Ўзблогерлар чемпионати ҳақида


           Интернетдан баъзи нарсаларни кўчириш учун озгинча вақт кутишга тўғри келди. Компьютердан “Ўз кутубхонам”ни очдим. Ҳар хил китоблар билан тўлиб-тошган, ҳаммаси аралашу-қуралаш, унисини очиб кўраман, бунисини, бирортасини ёқтириб қолмадим. “Осталось 46 мин” бирор нима бошлаш учун камлик қилса, яна нималар учундир кўплик қиладигандек назаримда. “Узблогерлар расмий нашр” деганга кўзим тушим қолиб, бирма-бир қараб чиқдим.
            Эсимда, ўшанда анчайин ижодий ҳаёт кечирган эканман. Ўзимча, ёзганларимни санама-сана таҳлил қилдим, асосан, ўша чемпионат вақтида ёзилган экан. Жуда кўплари блогимга қўйилмаган бўлсаям, ўшанда анча тер тўккан эканман. Блогерлар чемпионати ҳақида эшитиб қолгач қатнашмоқчи бўлдим, дарҳол. Ютиш имкониятим жуда паст эканлиги, профессионаллар ҳам қатнашаётганлиги, кўпчилик бир-бирини олдиндан таниши-ю, улар орасида бегонадек бўлиб туришим ҳам яна бошқа бир қатор сабаблар ҳам тўхтата олмади. Қатнашдим, энг муҳими нимадан иборат эдики, шу тадбир бахона “Ёзиш” имконияти пайдо бўлгандики, уни қўлдан бой бериб бўлмасди, гўё.
            Шундан бери кўп вақт ўтди. Айтарли ҳеч нарса билан ҳатто, кундаликни ҳам қораланмаганлиги ўйласам бахоналар қидиришга тўғри келади, айтарли, арзирлиги бўлмаса ҳам. Нимага?
                    Нимага ижодийликдан сағал сурилиб қолганимни изоҳлаб икки абзац қораладим. Ўчирдим, шунчаки нимадир ёзмаганимни сабаби "Ўзблогерлар чемпионати" бўладиган бўлса бунақанги мусобақада қатнашиш фақат нимадир ёзмоқчи бўлган одамнинг зарарига ишлаши шунчалик очиқ-ойдин кўриниб турибдики, яна ёзиш учун чемпионатни кутиш фожеадек эмасми? Аслида, "ёзгич" бўлмасам, журналист бўлмасам, қаламимнинг ўткирлиги фақат хоббидан нарига ўтмаганли сабаб ялпоғланиб ётган мендек одам учун ҳақиқий фожеа! Ўзблогерлар чемпионати фожеаси ... .

суббота, 1 марта 2014 г.

Нимага бизни мактабда “иккичилар” йўқ?


Янги мактабларимизда бўлганмисиз? Жуда қулай, шинам, энг муҳими, барча жиҳозлари, партадан стуллар-у, спорт залларидаги инвертариларигача яп-янги! Кўпларни катта сумка кўтариб мактабга бораётган ўғил-у қизга ҳаваси келиб қараб қолади. Мактабга борган даврларимни яхши эслайман, мактаб попкамизда ошиб борса иккита китоб бўларди. Дарсликлар етишмаслиги мутлақо табиий эди. Вей, жисмоний тарбия дарсларини айтмайсизми, энг кўп ўйнаган ўйинимиз “Қизил байроқ” бўлган. Билмасангиз шу ўйинни эслатиб ўтаман, гуруҳ иккига бўлинади, “қўналға”га махсус байроқ (уни қизил бўлиши шарт эмас) осилади. Томонлардан рақиб қўлига тушмасдан байроқни ўғирлаб қайтиши талаб этилади. Жуда қизиқ ўйин, тўғрими? Эндичи, спорт залига кеча кирганингизда эди воллейбол ўйнаётган қизларни, бугун кирсангиз футбол ўйнаётган болаларни, эртага кирсангиз яна нимадир ўйнаётган ўқувчи-ю ёш-ялангни учратишингиз аниқ. Она тили, адабиёт китобларни қўя туринг-у меҳнат, жисмоний тарбия деган китоблариям бўлса керак. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида таълим тизимида жиддий ўзгаришлар амалга оширилди, мактаблар, касб-ҳунар коллежлари қурилди. Дарсликлар, қўшимча адабиётлар босилиб мактабларга етгазилмоқдаки, бугун мактабларнинг дарсликлар билан таъминланиши деган сўров статистика бандларида 100 % деган рақамларларда порлаб турибди. Умуман олганда манзара бир кўришда кўзни қувонтиради. Қилинган ишларнинг бевосита давоми ўлароқ, бугун таълим сифати ҳақида бонг ураётган эканмиз ҳисоботларда кўрсатилаётган юқори кўрсатгичлар билан бир вақтнинг ўзида унда-мунда катталар савол-жавобига тутилиб қолган, катта, ичи китоб билан лиқ тўла попка кўтарган ўтгинчи ўқувчи билан суҳбатдан сўнг катталаримиз болаларимизнинг билимлари анчайин бўш эканлиги, ўзини мактабда “3” баҳога ўқигани-ю, аммо ўшанда ўқиганлари ҳозиргача эсида турганини айтиб бир сизга бир ишни “шилта” қилиб кетиб бораётган болага саволнома тикилиб қолган ҳолатлари кўпда учраб туради.
            Ёшларимиз саводсизлашиб бормоқдами?

            Дадамни ўзидан бир, икки ҳатто, уч ёш катта синфдошлари бор. Бу ёш фарқлари уларнинг мактабга турли йилларда қабул қилинганлигини англатмайди. Балки, ўша даврда қолоқ ўқувчиларнинг синфдан-синфга қолдирилиши натижасидир. Балки “иккичилар”, чаласаводлар кўп бўлгандир ўшанда. Хўш, нимага ҳозир синфдан синфга ҳеч ким қолдирилмайди? Энди ўқувчилармиз орасида “иккичилар” йўқми?
Ҳозир қониқарсиз ўқиётган боланинг ўзи йўқ синф журналларида. Биласизми, ҳатто ўқувчи билади, бирибир узтози икки баҳо қўймаслигини. Буни бир неча жиҳат билан изоҳлаш мумкин. Синфдан синфга қолдиришнинг мураккаб жараёнлиги, қолоқ ўқувчи охир оқибат педкенгаш қарори асосида юқори синфга барибир кўчирилиши. Ўқитувчига белгиланадиган қўшимча ҳақ ва устамалар ўқувчиларнинг билим кўрсатгичидан келиб чиқарилиши, юқори ташкилотларга узатиладиган турли хисоботлар кейинчалик мактаб жамоаси учун дилхиралик келтириб чиқарадики, алалхусус синфда қолдириш бугун амалда мавжуд эмас. Бу балки амалдорларимизнинг синфда қолдириш боланинг руҳиятига жуда салбий таъсир қилади, ўқиш, билим олишга нисбатан қизиқишларини батомом йўқотади деб ўйлашаётганидандир. Ёки капитализмнинг ногоҳон кириб келишидан эсанкираб қолдикми? Пул топиш масаласи ота-онагина дахлдор бўлган тор доирасидан чиқиб кетиб фарзандларниям қамраб олдими? Бу билан ўқувчиларимизнинг ҳаммаси бозорма бозор юрибди демоқчи эмасман, фақатгина ота-оналарнинг эътибори энди кўпроқ фарзандининг неччи баҳоларга ўқиётгани эмас, рўзғор ташвишлари билан банд. “Агар улар катта қийинчиликларсиз етарлича маблағга эга бўлса фарзандининг ўзлаштиришлари билан жиддийроқ шуғулланарди”, деган гапга ишонгим келади. Нима бўлган тақдирда ҳам умумий саводсизлашув масаласи мавжуд деб қараётган эканмиз унга қарши бошқачароқ таъсирчан кураш усулларини яратишимиз керак эмасми?

            Ҳар бир туман ҳудудларида ХТВ ва ИИВ ҳамкорлигида махсус мактаблар қуришни таклиф қилган бўлардим. Бу махсус мактаб халқ таълими бўлими мактабларда ўқиётган том маънода қолоқ болаларни ўқитсин. Кескинроқ гапирадиган бўлсам, бу нафақат бола, балким ота-она наздидаям жазо чорасидек янграши керак. Билимсизлик учун жазоланаётганини фақат билимсизгина билмайди. Билим заруратини биз учун янги бозор иқтисодиёти шароити англатгунча кутамизми ёки ҳозироқ “лагер”ларни қурамизми? "Иккичилар"ни бир жойга тўплаб "иккичилик"ни тугата олмасдирмиз, лекин биз икки олмасликка курашиш тушунчасини яратишимиз керакку охир-оқибат.

понедельник, 17 февраля 2014 г.

4 соат минтақасида жойлашган Ўзбекистон ёки бутун дунёдаги вақтни аниқлайдиган дастурлар бузуқми?



      Сизга ушбу ёзаётганим орқали вақт, вақт тушунчаси, соат минтақалари ҳақида маълумотлар келтирмоқчи эмасман. Шунчаки сиздан “Тошкент” нечинчи соат минтақасида деб савол бераман ҳалос. Билмайсиз? Унда интернетдан, телефонингиздаги вақт минтақалари дастуридан текшириб кўринг. Улар 5 соат минтақасида эканлигимизни айтишябдими сизга? Бу ҳақда айни мана шу мавзуни мактабдаёқ ўргатадиган география фани нима дейди?

(“Ўқитувчи” нашриётида 2009 йилда чоп этилган
 7 синф география дарслигидан, 29  бет 10 расм
Муаллифлар:П.Ғуломов ва бошқалар)
 

           
Сиз 7 синф география дарслигининг 11 мавзу – “Вақт ўлчови. Соат минтақалари. Тақвимлар” мавзусида келтирилган харитани кўриб турибсиз. Унда Тошкент 4 соат минтақасида деб э]тироф этилади. Айни мана шу жараёндаги хатолик географиядаги маҳаллий вақтлар фарқларини аниқлашдаги қатор мисолларини хато тузилиши ва ишланишига сабаб бўлаябди. Сиз география фани ўқитувчиси сифатида ўқувчига биз қайси вақт минтақасидамиз деган бўлардингиз? Харитада кўрсатилгани каби 4 соат минтақасидами ёки бошқа вақтни аниқлайдиган дастурлар каби 5 соат минтақасидами?
            Буни сизга айтаётганимдан нима мақсадни кўзлаябман.
       Дарсликдаги мазкур ҳолат кейинги қайта нашрлар чиқарилаётганда эътиборга олинса, мактабларга мазкур ҳолат ҳақида маълумотнома берилса (харитадаги англашилмовчилик юзасидан) таълим сифатини оширишга янада яқинлашган бўлардик менимча.


суббота, 1 февраля 2014 г.

O`zbekning yuzi issiq, uyi esa qorong`u.


Komputerda futbol o`ynash jonu dilim. Shu o`yin uchun ko`p narsadan voz kechishga to`g`ri keladi. Tushlik, kechki ovqat vaqtlarini surilib ketganiga mayligayu, kitob o`qish, darslarga tayyorgarlik ko`rish ham esdan chiqadi.
            Final o`yiniga tayyorgarlik ko`rayotganimda chirog` ochib qoldi. Sigaret chekish baxonasida ko`chaga chiqaman. Nosvoy baxonasida chiqqan qo`shnimam turibdi.
            – Nimaga chirog` o`chadi-a? Qo`shnim menga aytadimi, o`ziga o`zi gapiradimi bilib bo`lmaydi. Yelkamni qisaman.
           
Nimaga chirog` o`chadi?
            Mantiqan, yetkazib berilgan tok uchun pul o`z vaqtida to`lansa uni o`chirish hech kimga (ayniqsa ishlab chiqaruvchiga) foyda keltirmagan bo`lardi. Davlatning ko`plab idoralari, muassasalari, ko`plab korxonalarda ish unumi aynan elektr energiyasidagi shu muammo natijasida pastlab ketadi. Mamlakatimizda yiliga 50 mlrd kVt/soat elektr energiya ishlab chiqariladi. Qo`shni mamlakatlarga eksport ham qilamiz. Agar eksport to`xtatilib, barcha elektr energiyani ichki bozorga qaratilganda ham chirog` o`chirilgan bo`lardi. Nimaga deb so`rang?
             Men yashayotgan qishloqda 4-5 talab tegirmonlar, bir nechtalab suv otib beruvchi nasos stansiyalar ishlab turibdi. Birortasida tok hisoblagich yo`q! Bunaqangi tegirmon-u nasos stansiyalardan tumanda qanchalari ishlab yotgan ekan… .
Qo`shnim savol beradi:
            – Nimaga chirog` o`chadi?
Qo`shnimni bu savolni berayotganda gurullab ishlab turgan tegirmon yonidan o`tayotganda, nasosdan otilib chiqayotgan suvni ko`rib zavqlanganda, o`rtog`ining “Elektroset”dan kelib tokini qanday uzishganiyu, ketishlari bilan o`zini qanday ulab olganini maqtanib aytgan hikoyasini kulibgina eshitganda, akasining issiqxonasiga “yashirin tok” olib kirishga yordamlashganda xayolining bir chetidan lip etib o`tib ketmasmikan? O`zini elektrdan qarzichi? O`tadi, ishonaman. Lekin, o`zbekning yuzi issiq. Indamaydi.
            Qo`shnim savol beradi, har gal, zim-ziyo ko`chaga men sigaret, u esa nosvoy boxonasida chiqqanimizda:
            – Nimaga chirog` o`chadi?

P.S. Meni eng qiynayotgan masala o`rmonimizga o`t ketganiyu, undagi pul to`lagan va to`lamaganlarni birgalikda yonayotgani. Pul to`laganlarni shag`am yorug`ida o`tirishi adolatsizlik!
P.S. Elektr hisoblagichlarsiz ishlayotgan tegirmonlar, nazoratchi bilan imi-jimida ishni qing`ir yo`l bilan bitirib ketadigan nasos stansiyalari haqida zudlik bilan tegishli organlarga habar bering demoqchi emasman.
P.S. Agar mendan so`rashganda elektr energiyasini yetkazib beruvchi xususiy tashkilot yoki korxonalar tashkil qilish kerak degan bo`lardim. Shunda davlat “aybdor” degan hukmdan ozod bo`lgan, elektr energiya pulini vaqtida tushurib olgan, nazorat maksimal darajaga chiqqan, boqimandalik nolga tenglashgan bo`lardi.

понедельник, 20 января 2014 г.

Эндиги сўз навбати


Эндиги сўз навбати
            Йиллар йилларни қувиб, яхши кунлар, самарали, самарасиз ойлар ўтиб, бир муддат тин олиб ёки омасдан яшашда давом этиб, ҳаракатдамиз. Бугунни ўтказдик, эртанги режалар ҳақида бир муддат ўйлаб кўрамиз, эртага ўша режалардан четда, узоқда ўз ҳаракатимизда давом этамиз.  Шу йўлда озгина мен билан қосангиз ҳурсанд бўлардим.
            Нималар ҳақида гапирмоқчиман; Ҳар сафар ҳам ёши улуғ ўқитувчилар билан суҳбатда бўсам қандейдир ҳурсанд бўб кетаман. Ўша ёшда ўқитувчи бўб қолишни ҳоҳлайман, бирдан ҳамаси сонияларда ўтиб кетсаю, қиган ишларимдан мақтаниб ўтирган пенсия ёшидаги ўқитувчига айланиб қосам. Ўқитувчилик ҳақида олдинлари ҳам гапирганман, ўша мактаб ўқитувчисида қоладигани унинг ўқувчилари ҳалос. Бошқа ҳеч нарса. Агар яхши кийинган, хаётда нималаргадир эришишга улгурган ўқувчисини кўрган ўқитувчи биринчи навбатда ичидан ҳис қиладиган нарсаси ўз ишидан қувонч, ўзидан мамнунлик, ўзига қойил қолиш бўлади. Дарров шеригига мақтанишни бошлайди, − Мен ўқитганман... .
            Авволо, мактаб биз билган кундаликлардаги фанлардан, уларга қўйиладиган баҳодан иборат эмас. Киши мактабда аъло баҳоларга ўқиши, билимли, яхши бола бўлиши мумкин, афсуски бу ўша ўқувчи учун етарли баҳо ёки чегараларни англатмайди. Яна бир бошқа мактаб бор − Хаёт мактаби. Ўша билимли бола хаёт мактабида неччи баҳога ўқиб кетади, у ўзини кутаётган имтихонларга қанчалик тайёр?
            Кўплар билан гаплашинг, − Ўзи мактабда иккичи бола эди, деб бошлашади. − Энди полончи амалда ўтирибди, одатда шу оҳангда кетади гапни давоми. Бизда хасад қилиш ёмон амал, яна айтиб қўяди, − Хасад қилмаябман.
            Ўша “иккичи” ўқувчи ҳатто, энг намунали ўқитувчиси ҳам босиб ўтмаган, ўша намунали ўқитувчиси ҳам топширмаган имтихонларни топширди, иккинчи мактабни аъло баҳоларга ўқиди, ўқимоқда!
            Мен хасад қилмаябан, фақат, озгина кўнглимни ғаш қилаётгани, озгина жахлимни чиқараётгани, нафақат, ўқувчилар наздида, ота-оналар наздидаям “Кундалик мактаби”, таълим-тарбия момот масаласи эмас − шоходотнома бўлиб қолаётганлиги, бугун бош мақсад бўлиб қолаётган “Хаёт мактаби” “Музлик даври”даги анув алламбало ҳайвончани ўзига оҳанграбодек тортган “Олтин ёнғоқзор” эканлиги.
           
Эй, биродар, гавдангни кўтар,
            Узоқда эмас ёнингда хатар.
            Хатар бу − дўстлар, хатар бу − душманлар.
            Улар сан билан пул деб гаплашар.

            Балки ҳамма нарса пул билан ўлчанмас,
            Лекин, ақча бўлмаса ҳеч ким ҳам яшолмас.
            Орзу хавас кўп, яхши яшаш яхши,
            Яхши яшаш унданам яхши.

            Яхши яшашга нима керак,
            Яхшигина пул керак.

Эсладингизми бу ашулани, унда яна озгина ёрдам бераман,
           
− Кел, кел мани топиб кел,
            Мани, мани, мани чўнтагимга кел.
            .... Кел, кел манй,
            Манй, манй, манй.
           
Омон бўлинг биродар − Шаҳриёр!!!
           
Асосий қисмга ўтаман! Нимага мактаб бугун “Кундалик мактаби”га айланиб қолди? Буни сабабларини аниқлаш учун чуқур таҳлил, статистика керак эмас! Порахўр ўқитувчи, сифатсиз таълим, “шавқатсиз кўча” ... . Ва балки, ҳамасини жуда, жудуям бўш ўйлаётган сизу-биз эмасми?!
Мана шу жойигача мен билан қолганингиздан хурсандман, сиз нима деган бўлардингиз? Азиз “ўқувчи”, ҳамма танлов сизда, ва ишонаманки мактаб фақат кундаликлардагина эмаслигига “жичча” бўлсада ишонасиз. Сизни эътиборингиз ҳаммасини ўзгартиради. Наъмунали якун сизнинг эътиборингизда!