суббота, 25 августа 2018 г.

Va'zir va men

Ваъзир жаноблари мактаб автобуслари ҳақидаги саволга  йўқ деб жавоб берди. Дарҳақиқат, тўғри, Тошкентдек шаҳри-аъзимда мактаб автобусига не ҳожат.
Ваъзирнинг иккинчи (балки, олтинчи) фикр баёнида Тошкентда тармоқ мактаблари ҳақида фикр бордики, биринчи мактаб иккинчи мактаб қарамоғига ўтказилиши мумкин экан-ки, қачон, иккинчи мактаб ўқувчиларни жалб қилишда (албатта, педагог-ҳодимлар мувофаққияти, ўқитиш самарадорлиги кўрсатгичлари эвазига) сусткаш бўлса. Мактаблар мактабларники (давлат ҳаммага(ҳамма мактабга) бирдек, педагоглар эски мактабни-ки? Нимадир ўйлаб топишларига ишонаман (аслида буни бошқачароқ ҳал қилиш мумкин, аттестация-аккридитация даген шебоншиклар нимага ишлаябди унда...).

Эҳтимол, Ваъзир жаноблари иккинчи (балки, олтинчи) фикр баёнида қишлоқ ҳудудларни назарда тутмагандир, шу билан бирга, қишлоқ жойларда бу тизим мутлоқо ишламайди. Мактаблар ўртасидаги рақобат, ўқувчиларни жалб қилиниши туман марказларидаги (вилоятларда шаҳарлардаги) яқин жойлашган мактаблардагина мавжуд. Тамом.
Аслида айтмоқчи бўлганим, эскидан қишлоқлашганимиз таъсирида (бу асосий) мактаблар ўртасидаги рақобат (тенглаштирилиш, хусусийлаштиришнинг торлиги, тудавой-судавойлар чикора) ҳеч нарса бермайди. (Фанлар ўртасидаги олимпиадалар натижаси, бир (бўлса)-икки ўқувчини “зўр” мактабга қатнаб ўқиши мақтанишга арзимайди). Янгиланишимиз, шаҳарлашишимиз фурсати аллақачон етди. Қишлоқларни янада қишлоқлаштириш учун бўлаётган уринишларга чек қўйиш, қишлоқларда қанақадир наъмунавийларга барҳам бериб, шаҳарларда кўп қаватли биноларни кўпайтириш, ишлаб чиқаришни шаҳар атрофига кўчиришни рағбатлантириш, одамларни шаҳарларга ундаш фурсати етди. Охириги 50 йилда нархлари энг суст кўтарилган товарлар фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, фақат шулар. Ваъзир жаноблари мактаблар ўртасидаги рақобат муҳитини яратмоқчилигини тўла-тўкис қўллаб-қувватлайман, бошқачароқ йўл билан. Шаҳарлаштириб, хусусийлаштириб, келажак имкониятларини (рейтинги баланд мактабларда) порлоқлаштириб.  Баъзилари фақат шу тизимнинг ўзигагина боғлиқ, шундан хурсандман.



пятница, 11 марта 2016 г.

Туш


         Уни яна кўрдим. Шаҳар марказида. Ғала-ғовур, уёқдан буёққа тўхтовсиз ўтиб турган сершовқин кўчадан нарароқда жойлашган меҳмонхона қаршисида, сокин, кириш йўлакларида очилиб турган гуллар орасида.
           
            Ёмғир учун осмон дастурхони очилган. Илк томчилар гул япроқларига қўна бошлади. У ҳеч қаёққа шошилмас, ёмғирдан яширинишга уринмас, кутишда бетоқатлик қилмас, ўзини ўраб турган табиат билан уйғунлашиб кетган эди.

            У бениҳоя гўзал эди.

            Беҳосдан кишида унинг устидаги чарм курткаси “пардек енгил” деган таъсурот қолдиради. Қўлида тутган ўртачадан каттароқ сумкаси эса ҳавода муаллақ тургандек. Унинг нозик қўллари сумка боғичини енгилгина тутиб турибди.

            Дунёдаги жами гўзаллик ва латофат мана шу манзарада жо бўлган эди.

            Унга қараб юра бошладим. Ойнаванд бино қаршисида билагидан тутдим. Кутилмаган бу ҳаракатдан сесканиб кетган гўзал чеҳрага бир зум қўрқув соя солиб ўтди, сониялар қўрқув табассумга алмашди-ю унинг ортидан ёноқларида лолақизғалдоқлар кўриниш берди.

            Ундан бўса олгим келаётганини англадим. Юрагим паровоздек ишлаб кетди. Унинг шаҳло кўзлари сузилиброқ турар, ияклари юқорига интилар, лаблари сезалар-сезилмас  титрарди. Унга интилдим. Шу вақтда  лифтни огоҳлантирувчи овози эшитилди.


            Шундагина биз меҳмонхона залида эканлигимизни англадим. Эндигина гултувакларга экилган толсимон гуллар орасидан хизматчилар кўрина бошлади. Залнинг бизга яқин бурчагидан эшитилаётган футбол матчи овози баландлашиб борарди. Очиқ лифтдан биз томонга тикилиб турган лифт-бойга “йўқ” маъносида бош силкидим. Лифт ҳаракатини кўрсатиб турувчи чироқлар бирин-кетин ўчиб ёна бошлади.

Атроф туманга бурканди, лифт чироқлари базўр кўринар, қўлим билан уни излардим. Қоронғулик қуюқлашиб энди жон-жаҳдим билан қўлларимни силтай бошладим. 


воскресенье, 5 июля 2015 г.

Jewels Star


           
       
        Karidorda oyoq tovushlari eshitila boshladi. Yo‘lak oxiriga qarab kelayotgan tovush xonamga yaqinlasharkan yuragim tezroq urayotganini his qila boshladim. Barmoqlarim bilinar-bilinmas titrab “Jewels Star” degan bir xil shakllar yig‘ib yo‘q qilinadigan o‘yinchamga xaliqit qila boshladi. Hech qachon tugamagan raund uchun berilgan vaqt ham tugadi-yu, oyoq tovushi eshigim yaqinida taqqa to‘xtadi.
         

          Ana, hozir kelishdi deb chaqiradi, Nigoramikan yoki Nodira? … . Yo‘q, mening xonam emas, ro‘paradagi qarama-qarshi eshikni oldiniga sharaqlab qulf-kalit zarbi titratdi, so‘ng noma’lum oyoq sadosi egasi bilan ichkariga ergashib ortidan shamol qarsillatib yopdi.
           
       Quloqlarim ostida yoki undanam nariroqda, ichkariroqdami surunkali sirena ovoziga o‘xshagan g‘alati ovozlar asta pasaya boshladi.
           
          Yana yo‘lak bo‘ylab sukunat. Yana yurak maromida tebranayotgan edi… .
           
          

        Peshonamdan silqib chiqqan terni ro‘molcha bilan artib stolim ustida betartib qalashib yotgan tugatilmagan bayonnomalar, yetkazilmagan ishchi qog‘ozlar, yarimi o‘qilib yarimi o‘qilmagan kitoblarni bir chetga surib “Jewels Star”ga sho‘ng‘idim. O‘yinda yana oldingidek omadi yurishib ketdi. Xeh, og‘zimni bir cheti bilan tirjayib qo‘ydim-u yuragimning tubida shivirlab paydo bo‘gan “Komissiya” degan so‘z endi quloqlarim ostida “Komssiyasi hech kimmas” degancha pleyerimdagi musiqaga hamohang baralla yangray boshladi… .



            

воскресенье, 19 апреля 2015 г.

Umidsizlik lotereyasi_Kechikkan yozuvlar


            Nihoyat men bank chiqargan lotereyalarni tekshirish uchun yutuqli lotereyalar jadvaliga ega bo‘ldim. Shu kungacha o‘zim egalik qilayotgan (ularni qaysidir ma’noda sotib olgan deb aytsam qaysidir ma’noda bu noto‘g‘ridek) 3 tagina lotereyaga har kuni uyqudan oldin bir qarashim hamono “Lotererya sonatasi” seriali boshlanadi. Bu serialdagi bosh qahramon – kamina, o‘zim yutub olgan qop-qora Malibuda “minga qo‘yib” yuribman, chiroqlarlar, daraxtlar, bekatlarni bir zumda ortda qoldirib shamoldek uchib boraman. Ortda odamlar qo‘l siltib qolishadi, bir-biriga meni gapirishayotganini shundoqqina anglab turaman… . Bir o‘rtog‘imga orzularimni aytib qoldim: – Mashina yutib olsam-a, nechta lotereya sotib olgansan deganda endi javob uchun og‘iz juftlagan ham edimki, yonidagi sherigi, aftidan  bir fermer 300 ta sotib olganini maqtanib qolsa bo‘ladimi. O‘sha kundan tushlarim o‘zgarib qoldi, endi bosh qahramon, ya’ni kamina har gal muzlatgich oldida gavdalanardim, ba’zida muzlatgichimni mushuk bolasidek erkalayotgan bo‘lsam, ba’zida “Ochil muzlatgich”dan toshib chiqib ketayotgan ichimliklarni ulashaman, o‘rtoqlarga, qo‘ni-qo‘shnilarga, quloqlarim ostida olqishlar eshitiladi, ritm… . Suhbatlarning birida kimdir barcha lotereyalar sonini o‘n milliondan oshadi, deb qoldi-yu, shu-shu “Lotereya sonatasi” serali tugadi. Endi o‘zimni majburlay boshladim, hech bo‘lmaganda yuz ming so‘m yutishim kerakku axir, meni haqqim bor. Yo‘q, o‘z ustimda qanchalik ko‘p ishlashimga qaramasdan boshqa serial qismlari yaratilmadi.
            Yutuq chiqmagan lotereyaning nimasi yomon, bilasizmi? U boshqa lotereya sotib olishga undaydi, u hech qachon umidsizlantirmaydi, balki aynan yutuqsiz lotereyagina sizga yana boshqa lotereya sotib olish uchun rag‘bat bo‘ladi.
            Jadvalga e’tibor beradigan bo‘lsangiz, jami yutuqli serialar soni 1 118 ta ekanligini ko‘rasiz, bir seria doirasida 1 000 tadan loterea borligini hisobga olgan holda aytish mumkinki yutuqli lotereyalar soni 1 118 000 ta. Barchasi to‘g‘ri, bank bayonotiga to‘g‘ri. O‘yinda qatnashgan barcha serialarning soni 9 999 ta (yuqorida aytganimdek, bir serada 1000 ta lotereya bor). Endi oddiy matematika, yutuqli serialar ulushi jami seralar doirasida 11,2 foizni tashkil qilayapti. Talonchilik emasmi?! Hech bo‘lmaganda, 51 foizi yutuqli bo‘lmaydimi? Adolatsizdek ta’surot uyg‘otgan narsa bir seria doirasida barcha lotereyalar eng minimal 10 000 so‘mdan yutgan bo‘lsa, bir seriya doirasida (mingta lotereyadan) birortasi sariq chaqa ham yuta olmagan. Mendagi birinchi farazga ko‘ra barchaning imkoniyati teng bo‘lishi uchun kishilar butun seria (ming ta lotereya)ni bir o‘zi yakka holda sotib olib o‘yinda qatnashishlari kerak edi. Shunda muvozanat o‘rnatilar edi. Menga o‘xshagan barmoq bilan sanarli lotereya sotib olganlarning imkoniyatini kim hisobga oladi?
            Sizga bitta kichkinagina ma’lumotni eslatib o‘tmoqchi edim, butun dunyodagi boylik (100 foiz)ning 82,7 foizi Yer shari aholisining atiga 5 foizi qo‘lida to‘plangan. Eng qashshoq 5 foiz kishilar Yer boyliklarining atiga 3 foiziga egalik qiladi. Mana shunaqa gaplar, azizlar. Hech qachon lotereryalaringizdan umidsizlanmang, bu yil omadingiz kelmagan bo‘lsa albatta keyingi yil omadingiz keladi ;) Bank xalq manfaatlarini o‘ylaydi va albatta bu lotereyani an’anaga aylantiradi degan umiddamiz ;)

           

Менинг нафақам кимда?


Менинг нафақам кимда?


Онам нафақага чиқдилар. Бу хонодонда ўзгача, байрамнамо нишонланди. Онам оилавий ҳисобчи сифатида қўшимча дарамад манбаидан қувонди, неваралари “байрам”  бахонога қўлга киритган ўйинчоғ-у музқаймоқдан қувонди. Онамга қўшилиб ҳаммамиз қувондик. Нафақа миқдори у қадар кўп эмас. Албатта, сиз нафақанинг миқдорини аҳамиятга эга деб ҳисобламаслигингиз мумкин. Бу учун сиз таҳсинга сазоворсиз. Қишлоқ учун эса нафақа қўшимча даромад манбаи, невараларга ўйинчоғ-у, қанд-қурс, келинларга ўз ота-онасини кўриб келиш учун кира ҳақи, фарзанднинг кечикаётган маоши ўрнида ишлатилиши мумкин бўлган кичкина хазина. Онам нафақага чиқаётганда иш стажи икки йил етмаган, шу сабабли баъзи қўшнилардан нафақаси камроқ, баъзи қушниларнинг иш стажи ўн йиллаб етмаган, шу сабабли уларнинг нафақаси онамнинг нафақасидан камроқ. Барча қўни-қўшни нафақахўрлар оладиган нафақа пули орасидаги фарқ айтарли даражада катта эмас. Нимага? Ўн йиллар қилинган меҳнат қадри кўринмайдигандек. Ёки ўша ўн йиллар жуда арзондек. Нимага? Ўзимча адолатнинг ҳар кўчасига кириб кўрдим. Албатта, нафақа биринчи навбатда истеъмол савати қувватидан шакллантирилмоғи керак, ҳар қандай шароитда у кишиларга яшаш имкониятини бериши лозим ва ҳоказо, ва ҳоказо. Мен 23 ёшимдан давлат муассасасида иш бошлаган бўлиб мунтазам менга белгиланиб келинган солиқларни тўласамда, охир-оқибат нафақага чиққанимда, бутун умр қурувчилик билан шуғулланган, менга нисбатан кўпроқ даромадга эга бўлган, бирор марта ортирган даромади учун солиқ тўламаган синфдошим билан деярли бир хил нафақа оламанми? Давлатнинг менга нисбатан молиявий адолат қани? Мен ахир солиқларни бутун умр тўлаб келганманку! Мен ўша қурувчи синфдошим мутлоқо нафақа олмасин деган фикрдан йироқман. Унинг мамлакат равнақи учун ўзига хос қатор хизматлари ҳам бор. Ўша хизматлар бюджет олдидами? Атрофга эътибор берганмисиз? Қаранг, бекорчи, ҳеч қаерда ишламайдиган бирор кимса борми? Ҳамма қайсидир ишни бошини тутган, ҳамма ўзи, оиласи учун ер тирнаган, бақирган, кулган-кулдирган. Ҳамманинг ўзига яраша даромади бор.
            Кичикроқ қишлоқларда ўнлаб қурилиш ишлари билан шуғулланувчи гуруҳлар фоалият юритади. Уларда юзлаб кишилар меҳнат қилишади. Юзлаб кишилар даромад манбаларига эга ва яна ўша юзлаб кишиларнинг давлат бюджети олдида тўғридан тўғри ҳеч қандай маъсуляти-ю, тўлов жавобгарлиги йўқ. Кейинроқ эса улар кўплар қатори “арзимаган” нафақаларга эга бўлишади.
Уларни бюджет шаклланишидаги иштирокини таъмин этиш мумкинми? Эҳтимол бу қийин иш эмасдир. Буни туман, шаҳарларда қурилиш бюролари ташкил этиш орқали ҳам ҳал қилиш мумкин. Бу бюролар барча қурувчи гуруҳларни бирлаштириши, мижозлар билан шартномалар имзолаши ва гуруҳлар иш ҳақини тўлаб бериши мумкин. Ёки махсус патент дастурини ишлаб чиқиш билан хусусий қурилиш соҳасидаги даромадларни бюджетга жалб қилиш иқтисодиётга самара берар?  Зотан, улар тенг фойдаланиладиган хизматларда, мактаб синфхонасидаги фарзанди ўтирган янги парта, ўқиётган китобида, чақолоқлари эмланаётган эмдорида, онаси олаётган, ўзи олиши керак бўлган нафақада унга мутлоқо бегона бўлган кишиларнинг ҳиссаси борку!

вторник, 24 марта 2015 г.

Bemehr

         Kunlarning birida eng yaqin do‘stlarimdan birining otasi olamdan o‘tdi. Janaza bo‘ldi, tumonot odam yig‘ildi. Do‘stimning oilasi tumandagi mashhur oilalardan biri ekanligi sababli yig‘inda ko‘plab kishilarni uchratish mumkin edi.  Mahallada taziyada qatnashmagan odam qolmadi. Hamma-hamma o‘sha joyda to‘plangan edi.
         Otasini tuproqqa topshirib qaytdik, do‘stimning uyiga borib bir oz suhbat qurmoqchi bo‘ldim. Sheriklarim har doim beriladigan an’anaviy savollarni berishdi, an’anaviy javoblarni olishib uy-uylariga tarqaldi. Birmuncha vaqt u bilan qolgim keldi. Gapirmadim, savollar bermadim, o‘tirdik, tamaki tutatdik.
– Dadamning o‘limiga tayyor bo‘lib qoldim, ko‘z o‘ngimda so‘lib bordi, ko‘zidan nur ketayotganini ko‘rib turdimu hech narsa qila olmadim. Uch kun davomida muttasil salomatliklari ortga qarab ketdi. Toshkentdan do‘xtir kelishining hojati yo‘q deb turib olishdi. Qon bosimining yuqoriligidan miya tomirlari yorilib ketganmush.
Shu gapni bazo‘r gapirdi-yu yana jimlik cho‘ki. “Bandachilik, sen nimayam qila olasan, hammasi Allohdan” degan gaplarni ichimda aytdim. Nimaga? Balki oldinroq aytganligim uchundir.
         Uyga qaytdim-u, kun davomida “O‘limga tayyor bo‘lib qolish” haqida o‘ylab yurdim. Nimagadir shu haqda o‘ylasam ko‘nglim g‘ashlanaverdi.
         – O‘rtog‘ingiz …. Unaqa emasdilar-a? – dabdurstdan berilgan savoldan esankirab qoldim.
         – Qanaqa?
         – Diydasi qattiq, bemehr?
Shundagina mahallaning ayollari to‘planib janazada qatnashgan erlardan olgan informatsiyalarni o‘rtoqlashgani, kimning janazada yig‘lagani-yu, kimning kulgani, qancha odam kelgani, tobutni yelkaga olishganda qanday tartibsizlik yuzaga kelganligi ravshanlashdi. Sundagina do‘stim nima demoqchi bo‘lganligini tushunib yetgandek bo‘ldim. Shundagina shaxs haqidagi hukmni tushunib yetgandek bo‘ldim. Shunda hammasini angladim. Shunda qo‘limdagi piola devolga urilib chil-chil bo‘ldi, xotinning og‘zi yarim ochig‘ligicha qoldi.


         Buvimni tuproqqa qoyayotganimiz ko‘z o‘ngimda gavdalandi, hamma yig‘lagan, ayollar dod solgan, nevaralar “Voy enam”lagan. Ko‘zimda jiqqa yoshu, negadir baqira olmayman. Nevaralar safidan chiqib ayvon ustuniga suyanib turaman, kimdir qator oldiga surib olib o‘tadi, tandirxonadan oldinga surib olib kelishadi, o‘tinxonadan. Gapira olmayman ham, bo‘g‘zimda nimadir tiqiladi. Buvimni olib chiqishdi, asta tobut yoniga yaqinlashib qo‘limni tekkizdim-u yosh boladek ho‘ngrab yubordim. Bu voqeadan ancha o‘tib yana bugun bo‘g‘zimga nimadir tiqilib turibdi. Ehtimol o‘shanda “Voy enam”lab dod solmaganim uchundir, ehtimol meni ham uni hozirgacha sog‘inishimga, katta yigit bo‘lib qolgan vaqtlarimda ham tizzalariga bosh qo‘yib uxlashimga, peshonamni soatlab silab o‘tirgan qo‘llarini qo‘msashimga qaramasdan “Bemehr” deb xulosa qilishganini bugun anglab qolganim uchundir. Ehtimol do‘stimni eng yaxshi farzand bo‘lishiga qaramasdan jamiyat (bugun u janazadagi “Dod”lamagan “Noqobil o‘gil” haqida uyga habar keltirgan erkaklar va bu habarni muhokama qilgan ayollardan iborat) “Bemehr” deb xulosa qilganligidandir.