суббота, 16 ноября 2024 г.

 Бахт излаб чиққан бўри

Ит бўлди
От ўзлигин истади
Эшакка йўнди
Қорлар ёғди, босган излар кўринар
Қор остида бир гул сўнди.

Эй йўлчи - Тангри дейми ёки Худо
Борар манзилингни айт.
Тўқим қаттиқ ботти жуда
Суяк камиришга тишлар тўкилди.


Умиди бор, қайдадир. Сўнги манзил
Ит ғижинар, эшак беҳаловат
Ой тўлса бўри дилгир, ит қўрқоқ
Эшак хурккан кенгликларда кўпирар от.


Увваломоққа тамоқ тиқилди
Кишнамаслик учун жуган илинди
Бахт учун нима қилинди


Яёв. Ёлғиз. Азроилга шартми дил
Дафтари бор уни. Бўрими хоҳ
От. От узоққа. Кўм. Қазиб чоҳ
Яёв. Ёлғиз. Сўнги манзил.

четверг, 1 августа 2024 г.

1 август, 2024. Фронт

 1 август, 2024 йил.

Фронт


Ярим тунгача Чивинлар қонсўриш бюроси азолари билан жанг ўтказдик. Кўп қон йўқотилди. Иккала томон ҳам ҳолдан тойдик. Лекин, ҳеч қайсимиз ортга чекиниш ҳақида ўйламадик. Бу тун дўзах савол-жавоби каби узоқ давом этди. Тонг отиши мумкинлиги ҳақида батомом унутдик. Хонанинг кутилмаган бурчагидан душман дронларининг ғинғиллаган товуши биз томонга яқинлашиб келар, чап-чуп, шап деб чиқаётган овозлар мудофа тизимимиз ишлаб турганидан далолат берар, лекин, жангоҳда бирорта рақиб ҳалокатидан умид берадиган далиллар кўринмасди. Душман тун каби қора эди. Тонгда яраланган, мажруҳ қалбларни кўрмаслик учун бу тун нафақат уйқудан, жондан-да кечиш ҳам кераклигини англаб турардик.

суббота, 25 августа 2018 г.

Va'zir va men

Ваъзир жаноблари мактаб автобуслари ҳақидаги саволга  йўқ деб жавоб берди. Дарҳақиқат, тўғри, Тошкентдек шаҳри-аъзимда мактаб автобусига не ҳожат.
Ваъзирнинг иккинчи (балки, олтинчи) фикр баёнида Тошкентда тармоқ мактаблари ҳақида фикр бордики, биринчи мактаб иккинчи мактаб қарамоғига ўтказилиши мумкин экан-ки, қачон, иккинчи мактаб ўқувчиларни жалб қилишда (албатта, педагог-ҳодимлар мувофаққияти, ўқитиш самарадорлиги кўрсатгичлари эвазига) сусткаш бўлса. Мактаблар мактабларники (давлат ҳаммага(ҳамма мактабга) бирдек, педагоглар эски мактабни-ки? Нимадир ўйлаб топишларига ишонаман (аслида буни бошқачароқ ҳал қилиш мумкин, аттестация-аккридитация даген шебоншиклар нимага ишлаябди унда...).

Эҳтимол, Ваъзир жаноблари иккинчи (балки, олтинчи) фикр баёнида қишлоқ ҳудудларни назарда тутмагандир, шу билан бирга, қишлоқ жойларда бу тизим мутлоқо ишламайди. Мактаблар ўртасидаги рақобат, ўқувчиларни жалб қилиниши туман марказларидаги (вилоятларда шаҳарлардаги) яқин жойлашган мактаблардагина мавжуд. Тамом.
Аслида айтмоқчи бўлганим, эскидан қишлоқлашганимиз таъсирида (бу асосий) мактаблар ўртасидаги рақобат (тенглаштирилиш, хусусийлаштиришнинг торлиги, тудавой-судавойлар чикора) ҳеч нарса бермайди. (Фанлар ўртасидаги олимпиадалар натижаси, бир (бўлса)-икки ўқувчини “зўр” мактабга қатнаб ўқиши мақтанишга арзимайди). Янгиланишимиз, шаҳарлашишимиз фурсати аллақачон етди. Қишлоқларни янада қишлоқлаштириш учун бўлаётган уринишларга чек қўйиш, қишлоқларда қанақадир наъмунавийларга барҳам бериб, шаҳарларда кўп қаватли биноларни кўпайтириш, ишлаб чиқаришни шаҳар атрофига кўчиришни рағбатлантириш, одамларни шаҳарларга ундаш фурсати етди. Охириги 50 йилда нархлари энг суст кўтарилган товарлар фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, фақат шулар. Ваъзир жаноблари мактаблар ўртасидаги рақобат муҳитини яратмоқчилигини тўла-тўкис қўллаб-қувватлайман, бошқачароқ йўл билан. Шаҳарлаштириб, хусусийлаштириб, келажак имкониятларини (рейтинги баланд мактабларда) порлоқлаштириб.  Баъзилари фақат шу тизимнинг ўзигагина боғлиқ, шундан хурсандман.



пятница, 11 марта 2016 г.

Туш


         Уни яна кўрдим. Шаҳар марказида. Ғала-ғовур, уёқдан буёққа тўхтовсиз ўтиб турган сершовқин кўчадан нарароқда жойлашган меҳмонхона қаршисида, сокин, кириш йўлакларида очилиб турган гуллар орасида.
           
            Ёмғир учун осмон дастурхони очилган. Илк томчилар гул япроқларига қўна бошлади. У ҳеч қаёққа шошилмас, ёмғирдан яширинишга уринмас, кутишда бетоқатлик қилмас, ўзини ўраб турган табиат билан уйғунлашиб кетган эди.

            У бениҳоя гўзал эди.

            Беҳосдан кишида унинг устидаги чарм курткаси “пардек енгил” деган таъсурот қолдиради. Қўлида тутган ўртачадан каттароқ сумкаси эса ҳавода муаллақ тургандек. Унинг нозик қўллари сумка боғичини енгилгина тутиб турибди.

            Дунёдаги жами гўзаллик ва латофат мана шу манзарада жо бўлган эди.

            Унга қараб юра бошладим. Ойнаванд бино қаршисида билагидан тутдим. Кутилмаган бу ҳаракатдан сесканиб кетган гўзал чеҳрага бир зум қўрқув соя солиб ўтди, сониялар қўрқув табассумга алмашди-ю унинг ортидан ёноқларида лолақизғалдоқлар кўриниш берди.

            Ундан бўса олгим келаётганини англадим. Юрагим паровоздек ишлаб кетди. Унинг шаҳло кўзлари сузилиброқ турар, ияклари юқорига интилар, лаблари сезалар-сезилмас  титрарди. Унга интилдим. Шу вақтда  лифтни огоҳлантирувчи овози эшитилди.


            Шундагина биз меҳмонхона залида эканлигимизни англадим. Эндигина гултувакларга экилган толсимон гуллар орасидан хизматчилар кўрина бошлади. Залнинг бизга яқин бурчагидан эшитилаётган футбол матчи овози баландлашиб борарди. Очиқ лифтдан биз томонга тикилиб турган лифт-бойга “йўқ” маъносида бош силкидим. Лифт ҳаракатини кўрсатиб турувчи чироқлар бирин-кетин ўчиб ёна бошлади.

Атроф туманга бурканди, лифт чироқлари базўр кўринар, қўлим билан уни излардим. Қоронғулик қуюқлашиб энди жон-жаҳдим билан қўлларимни силтай бошладим. 


воскресенье, 5 июля 2015 г.

Jewels Star


           
       
        Karidorda oyoq tovushlari eshitila boshladi. Yo‘lak oxiriga qarab kelayotgan tovush xonamga yaqinlasharkan yuragim tezroq urayotganini his qila boshladim. Barmoqlarim bilinar-bilinmas titrab “Jewels Star” degan bir xil shakllar yig‘ib yo‘q qilinadigan o‘yinchamga xaliqit qila boshladi. Hech qachon tugamagan raund uchun berilgan vaqt ham tugadi-yu, oyoq tovushi eshigim yaqinida taqqa to‘xtadi.
         

          Ana, hozir kelishdi deb chaqiradi, Nigoramikan yoki Nodira? … . Yo‘q, mening xonam emas, ro‘paradagi qarama-qarshi eshikni oldiniga sharaqlab qulf-kalit zarbi titratdi, so‘ng noma’lum oyoq sadosi egasi bilan ichkariga ergashib ortidan shamol qarsillatib yopdi.
           
       Quloqlarim ostida yoki undanam nariroqda, ichkariroqdami surunkali sirena ovoziga o‘xshagan g‘alati ovozlar asta pasaya boshladi.
           
          Yana yo‘lak bo‘ylab sukunat. Yana yurak maromida tebranayotgan edi… .
           
          

        Peshonamdan silqib chiqqan terni ro‘molcha bilan artib stolim ustida betartib qalashib yotgan tugatilmagan bayonnomalar, yetkazilmagan ishchi qog‘ozlar, yarimi o‘qilib yarimi o‘qilmagan kitoblarni bir chetga surib “Jewels Star”ga sho‘ng‘idim. O‘yinda yana oldingidek omadi yurishib ketdi. Xeh, og‘zimni bir cheti bilan tirjayib qo‘ydim-u yuragimning tubida shivirlab paydo bo‘gan “Komissiya” degan so‘z endi quloqlarim ostida “Komssiyasi hech kimmas” degancha pleyerimdagi musiqaga hamohang baralla yangray boshladi… .



            

воскресенье, 19 апреля 2015 г.

Umidsizlik lotereyasi_Kechikkan yozuvlar


            Nihoyat men bank chiqargan lotereyalarni tekshirish uchun yutuqli lotereyalar jadvaliga ega bo‘ldim. Shu kungacha o‘zim egalik qilayotgan (ularni qaysidir ma’noda sotib olgan deb aytsam qaysidir ma’noda bu noto‘g‘ridek) 3 tagina lotereyaga har kuni uyqudan oldin bir qarashim hamono “Lotererya sonatasi” seriali boshlanadi. Bu serialdagi bosh qahramon – kamina, o‘zim yutub olgan qop-qora Malibuda “minga qo‘yib” yuribman, chiroqlarlar, daraxtlar, bekatlarni bir zumda ortda qoldirib shamoldek uchib boraman. Ortda odamlar qo‘l siltib qolishadi, bir-biriga meni gapirishayotganini shundoqqina anglab turaman… . Bir o‘rtog‘imga orzularimni aytib qoldim: – Mashina yutib olsam-a, nechta lotereya sotib olgansan deganda endi javob uchun og‘iz juftlagan ham edimki, yonidagi sherigi, aftidan  bir fermer 300 ta sotib olganini maqtanib qolsa bo‘ladimi. O‘sha kundan tushlarim o‘zgarib qoldi, endi bosh qahramon, ya’ni kamina har gal muzlatgich oldida gavdalanardim, ba’zida muzlatgichimni mushuk bolasidek erkalayotgan bo‘lsam, ba’zida “Ochil muzlatgich”dan toshib chiqib ketayotgan ichimliklarni ulashaman, o‘rtoqlarga, qo‘ni-qo‘shnilarga, quloqlarim ostida olqishlar eshitiladi, ritm… . Suhbatlarning birida kimdir barcha lotereyalar sonini o‘n milliondan oshadi, deb qoldi-yu, shu-shu “Lotereya sonatasi” serali tugadi. Endi o‘zimni majburlay boshladim, hech bo‘lmaganda yuz ming so‘m yutishim kerakku axir, meni haqqim bor. Yo‘q, o‘z ustimda qanchalik ko‘p ishlashimga qaramasdan boshqa serial qismlari yaratilmadi.
            Yutuq chiqmagan lotereyaning nimasi yomon, bilasizmi? U boshqa lotereya sotib olishga undaydi, u hech qachon umidsizlantirmaydi, balki aynan yutuqsiz lotereyagina sizga yana boshqa lotereya sotib olish uchun rag‘bat bo‘ladi.
            Jadvalga e’tibor beradigan bo‘lsangiz, jami yutuqli serialar soni 1 118 ta ekanligini ko‘rasiz, bir seria doirasida 1 000 tadan loterea borligini hisobga olgan holda aytish mumkinki yutuqli lotereyalar soni 1 118 000 ta. Barchasi to‘g‘ri, bank bayonotiga to‘g‘ri. O‘yinda qatnashgan barcha serialarning soni 9 999 ta (yuqorida aytganimdek, bir serada 1000 ta lotereya bor). Endi oddiy matematika, yutuqli serialar ulushi jami seralar doirasida 11,2 foizni tashkil qilayapti. Talonchilik emasmi?! Hech bo‘lmaganda, 51 foizi yutuqli bo‘lmaydimi? Adolatsizdek ta’surot uyg‘otgan narsa bir seria doirasida barcha lotereyalar eng minimal 10 000 so‘mdan yutgan bo‘lsa, bir seriya doirasida (mingta lotereyadan) birortasi sariq chaqa ham yuta olmagan. Mendagi birinchi farazga ko‘ra barchaning imkoniyati teng bo‘lishi uchun kishilar butun seria (ming ta lotereya)ni bir o‘zi yakka holda sotib olib o‘yinda qatnashishlari kerak edi. Shunda muvozanat o‘rnatilar edi. Menga o‘xshagan barmoq bilan sanarli lotereya sotib olganlarning imkoniyatini kim hisobga oladi?
            Sizga bitta kichkinagina ma’lumotni eslatib o‘tmoqchi edim, butun dunyodagi boylik (100 foiz)ning 82,7 foizi Yer shari aholisining atiga 5 foizi qo‘lida to‘plangan. Eng qashshoq 5 foiz kishilar Yer boyliklarining atiga 3 foiziga egalik qiladi. Mana shunaqa gaplar, azizlar. Hech qachon lotereryalaringizdan umidsizlanmang, bu yil omadingiz kelmagan bo‘lsa albatta keyingi yil omadingiz keladi ;) Bank xalq manfaatlarini o‘ylaydi va albatta bu lotereyani an’anaga aylantiradi degan umiddamiz ;)