Уни яна
кўрдим. Шаҳар марказида. Ғала-ғовур, уёқдан буёққа тўхтовсиз
ўтиб турган сершовқин кўчадан нарароқда жойлашган меҳмонхона қаршисида, сокин,
кириш йўлакларида очилиб турган гуллар орасида.
Ёмғир учун осмон дастурхони очилган. Илк томчилар гул
япроқларига қўна бошлади. У ҳеч қаёққа шошилмас, ёмғирдан яширинишга уринмас,
кутишда бетоқатлик қилмас, ўзини ўраб турган табиат билан уйғунлашиб кетган
эди.
У бениҳоя гўзал эди.
Беҳосдан кишида унинг устидаги чарм курткаси “пардек
енгил” деган таъсурот қолдиради. Қўлида тутган ўртачадан каттароқ сумкаси эса
ҳавода муаллақ тургандек. Унинг нозик қўллари сумка боғичини енгилгина тутиб
турибди.
Дунёдаги жами гўзаллик ва латофат мана шу манзарада жо
бўлган эди.
Унга қараб юра бошладим. Ойнаванд бино қаршисида
билагидан тутдим. Кутилмаган бу ҳаракатдан сесканиб кетган гўзал чеҳрага бир
зум қўрқув соя солиб ўтди, сониялар қўрқув табассумга алмашди-ю унинг ортидан
ёноқларида лолақизғалдоқлар кўриниш берди.
Ундан бўса олгим келаётганини англадим. Юрагим паровоздек
ишлаб кетди. Унинг шаҳло кўзлари сузилиброқ турар, ияклари юқорига интилар,
лаблари сезалар-сезилмас титрарди. Унга интилдим.
Шу вақтда лифтни огоҳлантирувчи овози
эшитилди.
Шундагина биз меҳмонхона залида эканлигимизни англадим. Эндигина
гултувакларга экилган толсимон гуллар орасидан хизматчилар кўрина бошлади. Залнинг
бизга яқин бурчагидан эшитилаётган футбол матчи овози баландлашиб борарди. Очиқ
лифтдан биз томонга тикилиб турган лифт-бойга “йўқ” маъносида бош силкидим. Лифт
ҳаракатини кўрсатиб турувчи чироқлар бирин-кетин ўчиб ёна бошлади.
Атроф туманга
бурканди, лифт чироқлари базўр кўринар, қўлим билан уни излардим. Қоронғулик қуюқлашиб
энди жон-жаҳдим билан қўлларимни силтай бошладим.
Комментариев нет:
Отправить комментарий