суббота, 16 ноября 2024 г.

 Бахт излаб чиққан бўри

Ит бўлди
От ўзлигин истади
Эшакка йўнди
Қорлар ёғди, босган излар кўринар
Қор остида бир гул сўнди.

Эй йўлчи - Тангри дейми ёки Худо
Борар манзилингни айт.
Тўқим қаттиқ ботти жуда
Суяк камиришга тишлар тўкилди.


Умиди бор, қайдадир. Сўнги манзил
Ит ғижинар, эшак беҳаловат
Ой тўлса бўри дилгир, ит қўрқоқ
Эшак хурккан кенгликларда кўпирар от.


Увваломоққа тамоқ тиқилди
Кишнамаслик учун жуган илинди
Бахт учун нима қилинди


Яёв. Ёлғиз. Азроилга шартми дил
Дафтари бор уни. Бўрими хоҳ
От. От узоққа. Кўм. Қазиб чоҳ
Яёв. Ёлғиз. Сўнги манзил.

четверг, 1 августа 2024 г.

1 август, 2024. Фронт

 1 август, 2024 йил.

Фронт


Ярим тунгача Чивинлар қонсўриш бюроси азолари билан жанг ўтказдик. Кўп қон йўқотилди. Иккала томон ҳам ҳолдан тойдик. Лекин, ҳеч қайсимиз ортга чекиниш ҳақида ўйламадик. Бу тун дўзах савол-жавоби каби узоқ давом этди. Тонг отиши мумкинлиги ҳақида батомом унутдик. Хонанинг кутилмаган бурчагидан душман дронларининг ғинғиллаган товуши биз томонга яқинлашиб келар, чап-чуп, шап деб чиқаётган овозлар мудофа тизимимиз ишлаб турганидан далолат берар, лекин, жангоҳда бирорта рақиб ҳалокатидан умид берадиган далиллар кўринмасди. Душман тун каби қора эди. Тонгда яраланган, мажруҳ қалбларни кўрмаслик учун бу тун нафақат уйқудан, жондан-да кечиш ҳам кераклигини англаб турардик.